|
ТЕСТ ТУЗИЛИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
|
bet | 3/4 | Sana | 21.05.2024 | Hajmi | 69,57 Kb. | | #248647 |
Bog'liq konfirensiya shablonТЕСТ ТУЗИЛИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
Ҳар бир ўқитувчи ўқувчилар билимини жорий назорат ҳамда оралиқ ва якуний назоратлари учун сифатли тест топшириқларини ишлаб чиқишни билиши керак. Тест сифатининг етарли даражасини таъминлаш учун тест топшириқлари тузилишига қўйиладиган қатор талабларни ҳисобга олиш ва бажариш керак. Уларга қуйидагилар киради:
-Тест топшириқлари берилган структура (кодификатор)га кўра эҳтиёж асосида тузилиши ва ҳар бир тест топшириғининг қийинлик даражаси кўрсатилиши лозим.
-Ҳар бир тест топшириғи тегишли таълим тури бўйича Давлат таълим стандарти ва ўқув дастури асосида тузилиши шарт.
-Тест топшириғи илмий асосланган маълумотлар асосида тузилиши зарур.
-Тест топшириғи умумий қабул қилинган атамалар асосида тузилиб, унда эскирган, кам ишлатиладиган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, белгилар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар бўлмаслиги керак.
-Ҳар бир тест топшириғи бирор-бир ягона мақсадни кўзда тутган ҳолда тузилиши лозим.
-Тест топшириғининг саволи аниқ, лўнда, қисқа ифодаланган бўлиши, унда зарурий маълумотлар келтирилиши, кераксиз ортиқча маълумотлар ишлатилмаслиги, шунингдек, савол икки хил тушунилмаслиги керак.
-Тест топшириғи саволида тўғри жавобни топишга ёрдам берувчи сўз ва иборалар ишлатилмаслиги лозим.
-Тест топшириғининг тўртта жавоби бўлиб, улардан фақат биттаси мутлақ тўғри бўлиши керак.
-Тўғри жавоблар ҳам, нотўғри жавоблар ҳам битта мавзу доирасида бўлиши шарт ва улар шакл жиҳатидан ҳам бир-бирига яқин бўлиши, тўғри жавоб шаклан ажралиб турмаслиги керак.
-Тестнинг муқобил жавоб вариантларида сўзлар кераксиз такрорланмаслиги, шунингдек, тушунарли, аниқ ва қисқа бўлиши талаб этилади.
-Тест топшириғининг муқобил жавоб вариантларини тузишда тўғри жавобни топишга ёрдам берадиган сўз ва иборалар ишлатилмаслиги зарур.
- Тест топшириғининг нотўғри жавоблари асосли равишда танланиши керак;
- Тест топшириғининг муқобил жавоблари орасида «жавобларнинг барчаси тўғри», «жавобларнинг барчаси нотўғри», «тўғри жавоб йўқ»„ «тўғри жавоб А ва В», «В ва Д» каби иборалар ишлатилмаслиги лозим;
- Тест топшириқлари ёзилган файлнинг номи намунавий ўқув режага мувофиқ фаннинг тўлиқ номи билан номланиши шарт. Файлни номлашда қисқартмалар киритиш мумкин эмас;
- Тест топшириқларини киритишда. имловий ва услубий хатоликларга йўл қўймаслигига эътибор берилиши лозим. Тест саволлари таркибига фақат текширилган, обектив маълумотлар киритилади. Ўқувчилар учун тузиладиган тест топшириқлари таркибига мунозарали саволларни киритиш тавсия этилмайди;
- Топшириқ мазмунини илмий бўлмаган, оддий ҳаётий тушунчалар ёрдамида ёритиш тавсия этилмайди;
- Ўқувчилар учун тузиладиган тест тошириқлари қисқа, тўғридан-тўғри саволлар ёрдамида тузилиши мақсадга мувофиқдир;
- Тузиладиган тест ортиқча сўзлар бўлмаслиги керак;
- Тўғри жавоблар тасодифий тартибда жойлаштирилиши, нотўғри жавоблар ҳақиқатнамо бўлиши, жавоблар вариантлари (берк топшириқларда) бир хил узунликда бўлиши, тест таркибидаги сўзларнинг бир маънолиги, аниқлиги ва тушунарлилигига эътибор қаратиш лозим;
- Топшириқ шартлари, ифодаси ва жавоблар синчковлик билан таҳрир қилиниши шарт.
Тестларнинг маълум қийинчилик даражаси бўлиши талаб этилади, яъни тест топшириғи ўқувчидан ахборотни оддий эслаб қолишдан кўпроқ нарсаларни талаб қилиши керак. Тўғри жавоби яққол кўриниб турган тест топшириқларини тестлар таркибидан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқдир.
Тест тузаётганда тест ечимининг вақт бўйича регламентлашга алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Ечими 2 дақиқадан кўп вақт талаб қиладиган тест топшириқлари мавжуд бўлишига йўл қўймаслик лозим. Ўртача ҳисобда битта топшириқни бажариш учун 60 сония вақт ажратилади. Тавсия этилаётган тестлар мураккаблигига кўра, 3 та даражага бўлинади. Кўп вариантли тест тизими таълим самарадорлигини ўқув фанлари бўлимлари бўйича холисона баҳолаш учун ноёб имкониятлар яратди. Ўқувчиларларнинг билим даражасини юқори даражада аниқлик билан белгилашда тестларнинг мураккаблик даражаси муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир тест билим ўлчови учун хизмат қилиши билан бир қаторда, улар маълум умумий мақсадларга ҳам қаратилган. Улар қуйидаги ҳоллар билан характерланади:
Биринчи даражада тестлар орқали битта тушунча ёки дарсликда берилган маълумотлардаги ўқувчининг хотирлаш қобилиятини аниқловчи, унча мураккаб бўлмаган бир ҳодиса ёки қонуниятни билишни талаб қилувчи тестлар ҳисобланади.
Биринчи даража: Ўқувчининг фақат хотирасини ва минимал билим даражасини аниқлашга қаратилган турли бўлимлар ва луғатлардан тузилган оддий саволдан иборат бўлади.
Мураккаб I даражали бўлган тестлар жуда катта миқдордаги ўқувчилар орасидан билими саёз, тасодифий, жавобларни асоссиз, тахмин-фаразларга таяниб белгиловчи ўқувчиларни ажратиш учун хизмат қилади.
Иккинчи даражали тестлар. Мураккаблиги II даражали тестлар ўқувчиларнинг маълум мавзулар ҳақида умумий маълумотларга эгалиги, энг асосий қоида ва қонуниятларни билиши ҳамда маълумотларни хотирада сақлаш даражасини аниқлашга қаратилган. Иккинчи даражали тестлар дарсликда келтирилган иккинчи, учинчи даражадаги билимларни қамраб олади ёхуд битта саволнинг ўзида иккита биринчи даражали маълумотлар сўралади. Ўқувчининг хотирасини текшириш билан бирга билимларни талаб этадиган саволлар. Бу каби саволларни ечиш давомида ўқувчидан ўтилган мавзулар ҳақидаги билимлар ҳам талаб этилади. Бунда битта саволнинг ўзида иккита биринчи даражали маълумотлар сўралиши ёки иккита саволнинг ўзида битта жавоб сўралиши ҳам мумкин.
Учинчи даражали тестлар. Мураккаблиги I ва II даражали тестлар ёрдамида ажратиб олинган ўқувчилар орасида иқтидорлиларини аниқлашда III даражали мураккабликдаги кўп қиррали тестлар зиммасига тушади. Билим даражаси бир-бирига яқин бўлган иқтидорли ўқувчиларни кичик масштабда ўта аниқлик билан ажрата билишда мураккаблиги III даражали тестлар катта аҳамиятга эга. «Мураккаб тестлар» тушунчаси айнан III даражали мураккабликдаги тестларга тегишли. Мураккаб тестлар фақат иқтидорли ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, бундай тестларнинг жавоби бир неча қоида ёки қонуниятларни татбиқ қилиш йўли билан топилади, мазкур тестлар ўқувчидан алоҳида мушоҳада, қобилият талаб қилади. Мураккаб тестлар қуйидаги хусусиятларни ўз ичига қамраб олади:
а) тест саволининг аниқлиги ва кўп қирралиги;
б) тўғри жавоб бир неча мавзуларнинг ўзаро туташиш ҳосиласи эканлиги;
в) муқобил жавобларнинг бир-бирига ўта яқинлиги, яъни кўпгина хусусиятларига кўра тўғри жавобга даъвогар бўла олиши;
г) чуқур ва ҳар томонлама мушоҳада юритишга даъват этиши.
Қуйидаги тестларни Мураккаб тестлардан фарқлаш керак:
а) бир неча топшириқларни қамраб олувчи, яъни саволлар мажмуасидан тузилган тестларни;
б) бир-биридан кескин ажралиб турувчи жавобларга эга бўлиб, мутлақ тўғри жавобнинг қайсидир хусусиятини ўзида акс эттирмаган тестларни.
Мураккаб тестлар барча фанларда ҳам даъвогарнинг ўша фан доирасидаги қобилиятини, мавзуларнинг нафақат умумий томонини, балки нозик қирраларини ҳам чуқур англашини кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади.
Учинчи даража тестлар: Бир неча бўлимларни таққослаш, қиёслаш, таҳлил қилишни ва ўқувчидан жиддий мантиқий ёндашувни талаб этадиган мураккаб ёки комбинатцияли саволлардир.
|
| |