|
3 (79) 2021 pedagogik mahoratBog'liq Pedagogik mahorat 3-son 2021 yil3 (79) 2021
PEDAGOGIK MAHORAT
23
қонуниятларни тушуниш кўламлари, барқарор майллари, мақсадлари, қизиқишлари ҳамда ҳиссий,
интеллектуал қувватлари ифодаланган бўлади.
Субъект-субъект муносабатлари доирасида ўқувчи илмий дунёқарашининг ўзига хос жиҳатлари
тўлақонли тарзда шакллантирилади. Улар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- аниқ тарзда мавжуд бўлган ҳолатлар;
- фаолият жараёнида ўқувчиларнинг ўзларига боғлиқ бўлган ҳолатлар;
- ўқувчиларнинг имкониятларини ҳаракатга келтирувчи ҳолатлар кабилар.
Бундай таъсирлар натижасида ўқувчилар фаол ҳаракат қила бошлайдилар. Ўқувчиларнинг илмий
дунёқарашлари ўқув жараёнининг шакллари ва мазмуни, баъзан эса ўқитувчининг фаолият маромига
ҳам таъсир кўрсатади. Ўқув жараёнида шахсга йўналтирилган субъект-субъект муносабатлари
доирасини кенгайтиради.
Маълумки, инсонлар ўзларининг икки турдаги муносабатлари билан бир-бирларидан
фарқланадилар. Мазкур муносабатларни асосан уларнинг ҳаётий тажрибалари белгилайди. Буни
ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ҳар доим бир-бирларининг
ҳаётий тажрибаларини бойитиб, тўлдириб борадилар. Шу билан бир қаторда, ўқувчилар, ўқитувчилар
ва ота-оналарнинг бажарадиган вазифалари ҳам турли-тумандир.
Инсоннинг дунёқараши унинг бажарадиган вазифалари билан боғлиқ ҳолда таркиб топади ва
намоён бўлади. Масалан, дунёқарашнинг барқарорлиги, инсонпарварлик характерига эгалиги, муайян
мақсадга йўналтирилганлиги, бошқарилувчанлиги кабилар.
Ўқувчи дунёқарашининг барқарорлиги унинг муайян ғояларни татбиқ этиш, ижтимоий
қимматли фаолият ва ижтимоий ҳаётга тайёрлигини англатади. Бундай тайёрлик улардаги назарий-
эмпирик билимларнинг муайян даражаси орқали намоён бўлади. Илмий дунёқараш ўқувчиларнинг
қўрқув туғдирадиган вазиятлардан ҳимояланишларини таъминлайди. Шахснинг муайян масалага оид
нуқтаи назари унинг дунёқараши барқарор бўлишига кўмаклашади. Ўқувчиларнинг барқарор нуқтаи
назарлари ва дунёқарашлари билан боғлиқ ҳолда таркиб топган хулқ-атворлари ҳам барқарор бўлади.
Бу уларнинг ўзларига топширилган вазифаларни ситқидиллик билан бажаришлари, уларда мавжуд
бўлган майлларнинг муҳим аҳамият касб этиши, ўз майлларини амалга ошириш имконини берадиган
ҳаракатларнинг қатъийлиги, қийинчиликларни ҳис этишлари, салбий кечинмаларга қайтарадиган
жавоблари, қийинчиликларни бартараф этиш имкониятларини излашлари, салбий кечинмаларининг
пасайиши, фаолият кўрсатиш қувватларининг ортишида намоён бўлади.
Бундай ўқувчиларда кишилик дунёсидаги муносабатлар ва ўз-ўзини англашга бўлган интилиш
кучлидир. Улар бутун борлиқда рўй берадиган ҳодисаларни объектив, мавжуд ҳолатлар сифатида
идрок этадилар, улар орасидаги мантиқий алоқадорликни излайдилар. Воқеа-ҳодисалар орасидаги
алоқадорликни топишга интиладилар. Бундай ўқувчилар аксарият ҳолларда воқеа-ҳодисаларнинг
натижаларини башорат қиладилар. Улар ўз қарорларида қатъий туриб нотўғри ҳолатларни инкор
қиладилар, ҳаққоний ҳолатлар ва вазиятларни исботлашга интиладилар.
Ўқувчиларнинг нуқтаи назарлари қанчалик барқарор бўлса, уларнинг хулқ-атворлари шунчалик
бекамикўст, мазмунли ва маҳсулдор бўлади. Улар ўз ҳаракатларини мавжуд дунёқарашлари
доирасида амалга оширадилар. Улар ўқув-билув жараёнида ностандарт топшириқларни осонгина еча
олиш лаёқатларини намоён эта оладилар. Уларнинг ҳаракатлари мослашувчан ва сафарбарлик
кўрсатишга асослангандир. Бундай ўқувчиларнинг ўқув ҳаракатлари, маданий меҳнат кўникмаларини
ўзлаштиришлари ҳамда ўқув жараёни натижаларидан амалиётда фойдаланишлари, ижодий фаолият
кўрсатишлари осон кечади.
Ўқувчиларда барқарор дунёқарашнинг шакллантирилиши натижасида уларда тадқиқотчилик
кўникмалари ҳосил бўлади. Ўқувчилар нуқтаи назарларининг барқарорлиги натижасида улар
ижтимоий ҳаётга осонгина мослашадилар. Ўқувчилар қатъий қарорлар қабул қилишда ўзларининг
нуқтаи назарлари ва барқарор дунёқарашларига таянадилар. Бундай дунёқараш ўқувчиларнинг бутун
ҳаётлари давомида уларнинг фаолиятларини бошқаради. Ўқувчилар осонгина бир нуқтаи назардан
иккинчи нуқтаи назарга ўта олмайдилар.
Ўқувчиларнинг дунёқарашларида барқарорлик вужудга келганда барча ҳолатлар уйғунлашади.
Бизнинг кузатишларимиз аксарият ўқувчиларда барқарор нуқтаи назар ва илмий дунёқараш
шаклланмаганлигини кўрсатди. Уларнинг хулқ-атворида асосан қуйидагилар намоён бўлиши
аниқланди: вазифалар, майллар, ҳаракатларнинг вужудга келиши, уларни татбиқ этиш истаги,
қийинчиликларни англаш, салбий ҳиссий таъсир, мантиқсиз ечимларга келиш, ҳис этилган
қийинчиликларни мураккаблаштириш, салбий ҳиссиётларнинг кучайиши, фаолият кўрсатишнинг
ёмонлашуви, ўқишга бўлган майлларнинг пасайиши кабилар.
https://buxdu.uz
|
| |