СИМУЛЯЦИОН ЎҚУВ МАРКАЗЛАРНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМДА
АҲАМИЯТИ
Ташкенбаева У.А., Анваров Ж.А., Абдураззаков Х.С.
Тошкент Тиббиёт Академияси ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази,
(Тошкент, Ўзбекистон)
Тиббиёт соҳаси кундан кунга ривожланиб бораётган соҳалардан бири
бўлиб, тобора янги ва янги ташхислаш ва даволаш усуллари клиник амалиётга
тадбиқ этиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида тиббиёт ОТМларида тахсил
олаётган талабаларни давр билан ҳамоҳанг таълим олиши, шунингдек клиник
амалиётда қўлланилаётган янги ташхислаш ва даволаш усулларидан бохабар
бўлишни талаб этади. Тиббиёт соҳаси ривожланиши билан бирга беморлар
ҳуқуқларига кенг эътибор қаратилиб, тиббиёт соҳасидаги юридик муносабатлар
ҳам йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Бу эса бўлажак шифокорлардан улар
қайси соҳада фаолият кўрсатишидан қатъий назар ўз касбига сидқидилдан
ёндашув ва клиник кўникмаларни мукаммал даражада ўзлаштиришни талаб
этмоқда.
Ҳозирги замон талабидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим
муассасаларида симуляцияцион марказларни яратиш, бу марказларни энг охирги
ва янги фантомлар, муляжлар ва робот симуляторлар билан жиҳозлаш жуда
муҳимдир. Тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқитилаётган барча клиник
фанларнинг амалий машғулотлари мана шундай замонавий симуляцион
марказларда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Тиббиётга оид биринчи симуляцион фантом XVIII асрда франциялик доя
Анжелика де Кюдрэ томонидан яратилган. Бу симуляцион фантом туғуруқ
жараёнини симуляция қилувчи фантом бўлиб, 1758 йили Франция хирурглар
академияси томонидан ўқув қўлланма сифатида кенг фойдаланиш учун рухсат
берилган (Cooper J.B., 2008). XX асрда эса электроника ва полимерлар
ривожланиши натижасида 1957 йили Питер Сафар (АҚШ) “ABC of Resuscitation”
номли қўлланмасини чоп этди. Ушбу қўлланма асосида эса 1960 йили
Норвегиялик Бьорн Линд ва Асмунд Лаэрдал ҳамкорликда сунъий нафас
берадиган манекенни яратдилар. Бу манекен узоқ вақт шошилинч ёрдам
кўрсатувчи врачлар томонидан амалий кўникмаларни шакллантириш учун
қўлланилди (Safar P., 1997). Компьютер технологиялари ривожланиб борар экан
симуляцион роботларнинг янги ва янги авлодлари яратилди: CASE – ўргатувчи
анестезиологик симуляцион муҳит ва GAS – анестезиологик симулятор.
83
Кейинчалик эса нафақат робот-симуляторлар, балки бутун бир жаррохлик,
реанимацион ва туғуруқхона симуляцион мухитлари яратилиб клиник амалиётга
тадбиқ этилди (Gaba D.M., 1998). Бир қатор ривожланган давлатларда
симуляцияга асосланган тиббий таълим фаол қўлланилиб келмоқда. Ушбу
тиббиёт олий таълим муасссаларида замон талаблари ва стандартларига тўла мос
келадиган замонавий симуляцион ўқув марказлари фолият кўрсатиб келмоқда.
Бу марказларда мульти-дициплинар дастурлар орқали бакалавриатура ва
магистратура таълим дастурлари бўйича симуляцияга асосланган тиббий таълим
олиб борилмоқда. Шунингдек, ушбу симуляцион ўқув марказларида амалиётда
фаолият кўрсатаётган шифокорлар ва ҳамширалар учун турли даражадаги
таълим ва замонавий тиббий машғулотлар амалга оширилмоқда.
Айни кунларда тиббий таълимнинг ислоҳот вазифаларидан келиб чиққан
ҳолда, таълим жараёнида замонавий ўқув-техник воситалари, биринчи навбатда
компьютер технологияларининг энг сўнгги ютуқлари, тиббий ёрдам кўрсатишда
симуляцион роботлар, компьютер тизимлари ва симуляция дастурлари, масалан,
“Стандартлаштирилган бемор” симуляцион тизимининг ўқув жараёнига
киритилиши алоҳида аҳамият касб этади ва мухим йўналишлардан ҳисобланади.
Тиббиёт ОТМ ларда симуляцион ўқув марказларни очиш ва симуляцияга
асосланган таълимни кенг жорий этиш, замонавий роботлар ва симуляцион
тизимларни ўқув жараёнига босқичма-босқич тадбиқ этиб бориш тиббий хизмат
сифатини оширишга улкан ҳисса қўшади. Ўқитиш жараёнида симуляция
технологияларини кенг қўллаш эса талабалар назарий ва амалий, илмий
салоҳиятининг ривожланишига, биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларининг
шаклланишига, турли вазиятларда аниқ ҳаракатлар ва тезкор қарорлар қабул
қилишга ўргатади.
|