III. Иш вақтидаги хавфсизлик талаблари
|
27. Юк кўтариш крани билан ишлаганда кран машинисти ишлаб чиқарувчининг кранни ишлатиш бўйича йўриқномаси (қўлланмаси), ишлаб чиқариш йўриқномаси ва мазкур йўриқномаларда баён этилган талаб ва кўрсатмаларга амал қилиши лозим.
|
28. Кран механизмлари ишлаб турган вақтда кран машинисти ўз вазифасидан чалғимаслиги керак, шунингдек тозалаш, мойлаш ёки таъмирлаш ишларини олиб бормаслиги лозим.
|
29. Кранга икки киши хизмат кўрсатадиган ҳолларда (кран машинисти ва унинг ёрдамчиси), шунингдек кранда шогирд бўлганда, улардан ҳеч бири бошқаларни огоҳлантирмасдан қисқа муддатга ҳам кранни тарк этиши мумкин эмас.
|
30. Кран машинисти йўқлигида унинг ёрдамчисига ёки шогирдига кранни бошқариш рухсат этилмайди.
|
Кран машинисти кранни тарк этишидан олдин контроллёрларнинг барча штурвалларини (командаконтроллёрларнинг дасталари) нол ёки "ўчирилган" ҳолатига ўтказиб, рубилникни узиб ва кабина эшигини қулфлаб кетиши лозим.
|
31. Краннинг ҳаракатлантириш, айлантириш ёки кўтариш механизмлари ишлаётган вақтда кранга чиқиш ва ундан тушиш тақиқланади. Кран машинисти фақат чиқиш майдончаси орқали ёки шу учун махсус мўлжалланган зина бўйича кранга чиқиши ва тушиши лозим.
|
32. Кран машинисти кран билан ҳар қандай ҳаракатни амалга оширишдан олдин ўзининг ёрдамчиси ёки шогирди хавфсиз жойларда эканлигига, краннинг иш зонасида эса бегона инсонлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
|
33. Кранни ҳаракатлантиришдан олдин, шунингдек юкни кўтаришда, туширишда ва кўчиришда хавф тўғрисида огоҳлантириш учун огоҳлантирувчи сигнал бериши лозим.
|
34. Юкларни кўтариш ва кўчириш ишлари фақат строполчининг сигналлари бўйича бажарилиши лозим. Агар сигнал нотўғри берилса, кран машинисти уни бажармаслиги лозим. Кран билан ишлаганда нотўғри берилган сигнал оқибатида етказилган зарар учун нотўғри сигнал берган строполчи ва кран машинисти жавобгардир. "ТЎХТА" сигналини ким беришидан қатъий назар, кран машинисти ушбу сигнал талабини дарҳол бажаришга мажбур.
|
35. Кран машинисти кўчирилаётган юк йўлда учрайдиган предметларга тегиб кетмаслигини назорат қилиши лозим.
|
36. Кран машинисти галереяга чиқишидан олдин рубилникни узиши ва "Уланмасин – Одамлар ишламоқда" плакатини осиб қўйиши лозим.
|
37. Иш вақтида кран машинисти юкларни кўчириш ва тахлаш зоналарида краннинг иш жойи етарли ёритилган бўлишини назорат қилиши лозим. Ёруғлик етарли бўлмаганда, шунингдек кран машинисти строполчининг сигналларини фарқлай олмайдиган ёки кўчирилаётган юкни кўрмайдиган бошқа вазиятларда кран иши тўхтатилиши лозим.
|
38. Кўчирилаётган юкнинг ёки краннинг йўлида одамлар бўлса, кран машинисти огоҳлантирувчи сигнал бериши лозим. Агар одамлар ушбу йўлни тарк этмаса, кран машинисти юкнинг ёки краннинг кўчирилишини тўхтатиши лозим.
|
39. Кран машинисти кран механизмларини бир текисда, силтамасдан, юкни тебранишига йўл қўймасдан тўхтатиши ва ўчириши лозим. Юкни ҳаракатланадиган таркибга, автотранспортга, ва ҳаттоки ерга тез суръат билан тушириш тақиқланади.
|
40. Охирги ўчиргичларга фақат секинлаштирилган тезликда яқинлашиш мумкин. Охирги ўчиргичлардан механизмларни автоматик тўхтатиш учун ишчи орган сифатида фойдаланиш тақиқланади.
|
41. Кран машинисти юкни кўтаришда ва кўчиришда қуйидагиларга мажбур:
|
- юкни кўтаришдан олдин строполчини ва кран олдидаги барча шахсларни кўчирилаётган юк зонаси ва юк тушиб кетиши мумкин бўлган зонадан чиқиш зарурлиги тўғрисида овозли сигнал билан огоҳлантириш. Краннинг иш зонасида одамлар бўлмаганидагина юкни кўчириш мумкин. Агар юк ердан 1 метргача кўтарилган бўлса, кўтариш ёки тушириш вақтида строполчи юкнинг олдида туриши мумкин;
|
- юкни ағдарма вагони, автомобил ва унинг тиркамалари, темир йўл ярим вагони ва платформалардан кўтариш, кўчириш ва тушириш ишлари ушбу транспорт воситаларида одамлар бўлмаганидагина олиб борилиши мумкин. Бундай вазиятларда кран машинисти транспорт воситаларида одамлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиши лозим;
|
- платформа, автомобил ва унинг тиркамалари, ярим вагон ёки вагонеткаларга юкни тахлаш (жойлаштириш), шунингдек улардан юкни олиш ишларини платформа, автомобил ва унинг тиркамалари, ярим вагон ёки вагонеткаларнинг мувозанатини бузмасдан амалга ошириш;
|
- илгакни (кўтариш механизми) юкнинг устига шундай ўрнатиш керакки, юкни кўтарганда пўлат арқоннинг қия таранглашишига йўл қўйилмаслиги лозим;
|
- юк тўғри илинганлигига ва тормознинг ҳолати созлигига ишонч ҳосил қилиш учун юкни кўтаришдан олдин уни 200 – 300 мм баландликка кўтариш лозим. Шундан сўнг юкни керакли баландликка кўтариш мумкин;
|
- горизонтал йўналишда кўчирилаётган юкни йўлда учрайдиган предметлардан 500 мм баландликка кўтариб олиш;
|
- девор, устун, штабел, ҳаракатланадиган таркиб ва ҳоказоларнинг ёнида бўлган юкни кўтариш ва туширишдан олдин бино, траснпорт воситалари ёки жиҳозларнинг санаб ўтилган қисмлари ва юк орасида строполчи ёки бошқа одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш;
|
- кичик ўлчамдаги донадор юкларни махсус тарада ташиш. Бунда алоҳида юкларнинг тушиб кетишига йўл қўйилмаслиги лозим. Ғиштни тўсиқсиз тагликда (поддон) кўтариш фақат автомашина, уларнинг тиркамалари, темир йўл ярим вагонлари ва платформага ортиш ва (ерга) тушириш ишларида рухсат этилади;
|
- юкни йиқилиши, ағдарилиши ёки сирпанишига имкон бермайдиган жойга тушириш рухсат этилади. Юк жойлаштириладиган жойда тегишли чидамликдаги таглик олдиндан ётқизилган бўлиши лозим. Юкларни тахлаш ва турларга ажратиш юкларни жойлаштириш учун ўрнатилган габаритларни бузмасдан ва ўтиш жойларини тиқилинч қилмасдан бир маромда амалга ошириш лозим;
|
- пўлат арқонларнинг ҳолатини диққат билан кузатиб бориш. Агар пўлат арқонлар барабан ёки блокдан чиқиб кетса, ўралиб қолса ёки уларда нуқсонлар аниқланса кран ишини тўхтатиш лозим;
|
- иккита кўтариш механизмлари бор бўлган кранларда уларни бир вақтнинг ўзида ишлатиш рухсат этилмайди. Ишламаётган механизмнинг илгаги доимо энг баланд ҳолатига кўтарилган бўлиши лозим;
|
- осиш схемаларига мувофиқ юкларни осиш. Строп арқонлари сони ва қиялик бурчагини ҳисобга олган ҳолда кўтарилаётган юкнинг оғирлигига ва характерига мос бўлиши лозим. Умумий мақсадларда қўлланиладиган строплар шундай танланилиши керакки, уларнинг арқонлари орасидаги бурчак 90 градусдан ошмаслиги лозим;
|
- кран сочма ва бўлакли материаллар учун мўлжалланган грейфер билан ишлаганда бўлакларнинг энг йирик ўлчами 300 мм ошадиган материалларни кўчиришда фойдаланиш рухсат этилмайди. Бундан ташқари сочма юкнинг умумий оғирлиги грейфернинг юк кўтариш қобилиятидан ошмаслиги лозим. Донадор юкларни кўчиришда фақат махсус грейфердан фойдаланиш мумкин;
|
- грейферли ва магнитли кранларни унинг иш зонасида одамлар, шу жумладан ёрдамчи ишчилар бўлмаганида ишлашига рухсат этилади. Кран ишининг танаффус вақтида, ва фақат грейфер ёки магнит ерга туширилганидан сўнг, ёрдамчи ишчилар ўз вазифаларини бажаришга киришишлари мумкин;
|
- кранда носозликлар пайдо бўлганда юкни тушириш лозим, агар бунинг иложиси бўлмаса – юк тушиб кетиши мумкин бўлган ҳудудни тўсиқ билан ўраб олиш лозим.
|
42. Кран тўсатдан тўхтаса, галерея орқали кран кабинасига чиқиладиган кранларда кран машинисти рубилникни узиши, кран тўхташининг сабабини аниқлаши, кранда ва кран йўлида ҳеч ким қўйлигига ва галереяга кириш эшиги қулфланганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. Шундан сўнг рубилникни қайта улаш мумкин.
|
43. Кран машинистига юкни кўтариш ва кўчиришда қуйидагилар тақиқланади:
|
- юкни осиш ёки илиш ишларига строполчи ҳуқуқига эга бўлмаган тўғри келган шахсларни қўйиш, шунингдек биркаси (тамға) бўлмаган юк қамраш мосламаларидан фойдаланиш. Бундай вазиятларда кран машинисти ишни тўхтатиши ва кранлар билан ишларнинг хавфсиз бажарилишига масъул шахсга хабар бериши лозим;
|
- оғирлиги ноъмалум бўлган ёки краннинг юк кўтариш қобилиятидан зиёд бўлган юкни кўтариш. Агар кран машинисти юкнинг оғирлигини билмаса, ушбу маълумотларни кранлар билан ишларнинг хавфсиз бажарилишига масъул шахсдан ёзма равишда олиш лозим;
|
- юкни одамлар устидан кўчириш;
|
- пўлат арқон қия таранглашганда юкни ер, пол ёки релс бўйлаб судраш, шунингдек арқоннинг вертикал ҳолатда бўлишини таъминловчи йўналтирувчи блоклардан фойдаланмасдан темир йўл вагони, платформа, вагонетка ёки аравачаларни юрғизиш;
|
- қум билан кўмилган ёки музлаб қолган, бошқа юк остида қолган, болт билан маҳкамланган ёки бетон билан қуйилган юкларни кўтариш;
|
- юк остида қисилиб қолган олиб қўйиладиган юк қамраш мосламаларни кран билан бўшатиб олиш;
|
- турғун ҳолатда бўлмаган, икки шохлик илгакнинг битта илгаги илинган, шунингдек нотўғри илинган ёки меъёрдан ортиқ тўлдирилган тарадаги юкларни кўтариш;
|
- ҳалқалари шикастланган, шунингдек маркаланмаган ёки асл оғирлиги ҳақидаги кўрсатма бўлмаган темир-бетон ва бетон буюмларни кўтариш;
|
- силжиш ва йиқилишларни олдини олувчи қурилмаси бўлмаган тагликка тахланган ғишт, плита ва бошқа материалларни кўтариш;
|
- электр кабеллари, қувурлар устига, шунингдек хандак ёки қияликлар ёқасига юкларни тахлаш;
|
- ичида (устида) одамлар бор бўлган, шунингдек одамларнинг оғирлиги билан мувозанатлаштирилган ёки қўллари билан кўтариб турилган юкни кўтариш;
|
- бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга кран бошқарувини бериш, шунингдек ўзининг бевосита назоратисиз шогирдига мустақил бошқаришга рухсат бериш;
|
- ортиш ва тушириш ишларини автомашина кабинасида ёки кузовида ҳайдовчи ёки бошқа одамлар бўлганида амалга ошириш;
|
- махсус контейнерларга жойлаштирилмаган сиқилган, суюлтирилган ва эритилган газ баллонларни кўтариш;
|
- барча ҳалкалари ёки махсус тешиклари орқали илинмаган контейнерни кўтариш;
|
- донадор юкларни грейфер билан кўтариш;
|
- охирги ўчиргичлардан механизмларни автоматик тўхтатиш учун ишчи орган сифатида фойдаланиш;
|
- хавфсизлик қурилмалари ва тормозлар ишдан чиққанда ёки носоз бўлганда ишлаш;
|
- барабандаги пўлат арқонни тўлиқ бўшатиш (илгак ерга туширилганда барабанда камида 1,5 ўрам қолиши лозим);
|
- юкни носоз ва маркаланмаган тарада кўтариш;
|
- момақалдироқ, тезлиги ушбу кран учун рухсат этилган (кран паспортида кўрсатилган) тезликдан юқори бўлган кучли шамол яқинлашганда кран ишини давом эттириш. Бундай ҳолатда кран машинисти шамол кранни ҳаракатлантиришига қарши чоралар кўриши лозим;
|
- юкни илинган ҳолатида қолдириш;
|
- кабинани тарк этганда ва кран кўпригига чиққанда бирка-калитини кабинада қолдириш.
|
44. Мазкур йўриқноманинг 22-бандида санаб ўтилган носозликлар, шунингдек қуйидагилар аниқланганда кран машинисти юкни тушириши, ишни тўхтатиши ва кранлар билан ишларнинг хавфсиз бажарилишига масъул шахсга хабар бериши шарт:
|
- полипластдаги пўлат арқон буралиб кетса ёки барабан ёки блокдан чиқиб кетса;
|
- кран иш жойи етарли ёритилмаганда, кучли қор ёғиши ёки туманда, шунингдек кран машинисти строполчининг сигналларини фарқлай олмайдиган ёки кўчирилаётган юкни кўрмайдиган бошқа вазиятларда;
|
- ҳавонинг ҳарорати кран паспортида кўрсатилган қийматдан паст бўлганда;
|
- максимал токдан ҳимоя ишлаб кетганда;
|
- ишларни хавфсиз олиб боришга таъсир этувчи бошқа омиллар пайдо бўлганда.
|
45. Электр энергиясининг узатилиши тўсатдан тўхтаса кран машинисти контроллёрларнинг барча штурваллари ва дасталарини нол ёки "ўчирилган" ҳолатига ўтказиши ва кабинадаги рубилникни узиши лозим.
|
46. Кран мажбурий равишда тўхтатилганида кран машинисти вахта журналига тегишли ёзувларни қайд этиши ва бевосита раҳбарига хабар бериши лозим.
|
47. Кран машинистига кранга мустақил равишда электр иситиш асбобларини ўрнатиш ва улаш тақиқланади.
|
48. Электр қурилмаларини кўздан кечириш вақтида кран машинисти кучланиш остида бўлган изоляцияланмаган ток ўтказувчи қисмларига тегинмаслиги керак. Кўздан кечириш вақтида ва кўприк галереясида одамлар бўлганда галереяга кирувчи люк доимо очиқ бўлиши, калит-бирка эса кўздан кечириш ишларини амалга оширувчи шахсда бўлиши лозим.
|
49. Кран машинисти ярим вагонларга ортиш ва тушириш ишлари, юкни бир нечта кранлар билан кўтариш, электр узатгичлар линиялари яқинида ишлаш, осиш схемаси ишлаб чиқилмаган юкларни кўчириш, шунингдек ишларни олиб бориш лойиҳалари ёки технологик регламентларда кўзда тутилган бошқа ҳолатларда кранлар билан ишларнинг хавфсиз бажарилишига масъул шахснинг бевосита раҳбарлиги остида ишлаши шарт.
|
|
|